МОТИВАЦИЯ ТУШУНЧАСИ

Мотивация (лот. movere) — ҳаракатни уйғотмоқ; руҳий-физиологик режанинг динамик жараёни, инсон ҳаракатини бошқариш, мақсад сари етакловчи восита, ташкиллаштириш, фаоллик ва бардошлилик каби маъноларни англатади.

Мотивация ҳис-туйғуга, ишонч эса ақлга боғлиқдир. Мотивация инсонга танлаш имкониятини бериб, уни бирор ишга асло мажбурламайди. У бу ишни ўз ички ҳис-туйғуларидан келиб чиқиб фаол амалга оширади. Энди мотивациянинг баъзи бир соҳалардаги ўрнига тўхталсак:

Маълумки, ўзбек миллий кураши қадимдан бизга аждодлардан авлодларга мерос бўлиб қолган ва биз учун муқаддас спорт тури ҳисобланади. Ушбу спорт турини тўй, сайл ва байрам тадбирларида ўтишини кузатган бўлсангиз, даврани олиб борадиган баковул кураш томошабинлар учун қизғин ва мазмунли ўтиши учун полвонларнинг келиб чиқиши ва уларнинг полвонлар оиласидан эканлигини оммага баланд овозда таништириб боради. Қайси бир полвон заифроқ ҳаракат қилаётган бўлса, унинг қувватини янада оширишни кўзлаб у ҳақда мақтовли сўзларни гапира бошлайди. Натижада мусобақа қизғин кураш остида ўтади ва узоқ давом этади. Баковулнинг полвонлар ҳақида кетма-кет ёғдираётган мақтовли сўзлари мотивация дейилади. Баъзи ҳолларда спортчиларга мусиқа ҳам мотивацион ёрдам беради.

Аксарият ёшлар кино, сериал ёки ўқиган адабиётларидан ўзлари учун қаҳрамон танлаб, унинг гап сўзлари-ю, юриш-туриши, ҳатто, кийинишигача эътибор бериб ўзларини ўша қаҳрамонга ўхшатишга ҳаракат қиладилар. Бу усулда ҳам мотивацияни кўришимиз мумкин.

Юқоридаги мисоллардан келиб чиқиб, мотивация иккига бўлинишини тушунган бўлсангиз керак. Биринчиси, мотивация инсоннинг бошқалар томонидан кучини оширувчи омил бўлиб хизмат қилаётган бўлса, иккинчиси эса, инсоннинг ким ёки нимадан олган таассуроти орқали мотивация намоён бўлади.

Айрим инсонлар ҳаётидан нолиб ўзларини тиклаб ололмаётганидан шикоят қилиб қоладилар. Улар мотивациядан олдин ўзларидаги қўрқув, норозилик, уятчанлик, иккиланиш ва ички блокланган хислатларидан холи бўлиш ҳақида қайғуришлари лозим. Ушбу хислатлар мотивациянинг акси бўлиб, инсонни мақсад сари интилишларини йўқотишга хизмат қилади. Мотивация етишмаслигидан азоб чекадиган одамлар кўп ҳолларда хаёлпарастликка берилган, ақлларини ишлатишни хоҳламайдиган, ўзларига беэътибор бўлиб ёшларига қараганда анча кексайган ва ҳаётга қизиқиши сўнган ноумид инсон бўладилар.

Буюк файласуф Суқрот айтганидек, «Кимда истак бўлса – йўлини қидиради, кимда истак бўлмаса – сабаб қидиради». Ўз мақсадингизни амалга ошириш, Ватан ва оилангиз олдида юзингизни ёруғ қилиш учун муносиб йўл қидирсангиз бас!

 

 

СОБИҚ ИТТИФОҚ ДАВРИДА

ТАДБИРКОРЛИККА НИСБАТАН ЮРГИЗИЛГАН СИЁСАТ

Ушбу мавзуни айнан тадбиркорликка асосланган китоб учун қандай алоқаси бор деб ўйлаётганлар ҳам орамизда топилиши тайин. Тарих билан шуғулланадиган мутахассислар фикримизга тўлиқ қўшилмаслиги ҳам мумкин. Лекин бугунги кунда тадбиркорликни ривожлантириш жараёнида айрим одамлар онгида бизнес ҳақидаги машаққат, адолатсизлик, ишончсизлик ва бошқа шу каби салбий фикрларнинг  муҳрланиб қолгани айнан ўша давр сиёсатининг натижаси десак хато қилмаган бўламиз.    

Собиқ иттифоқ даври, яьни ХХ асрнинг 20–30 йиллардаги аламли ва қайғули саҳифаларидан бири – қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш баҳонасида тадбиркор, ишбилармон, мулкдор, зиёли ва ер эгалари бўлган аждодларимизни қулоқлаштириш, сургун қилиш, депортация, қатағон қилиш жазоси бўлди. Бу мудҳиш жараёнда халқ ўз бошидан азоб-уқубатларни кечиришга маҳкум этилди. Аҳолининг тадбиркорлар қатлами бойлиги, уй-жойи, от-улови, миллий макони, яқинлари, маҳалла-кўйи, қавму-қариндоши, бутун борлиғидан маҳрум қилиниб қамоққа олинди, қулларча ҳаёт кечирди, концентрацион лагерларга ташланди. Шимол, Узоқ Шарқ, Сибир, Урал, Қозоғистон ва узоқ бегона юртларнинг меҳнат тузатув лагерларига сургун этилди ва ўлиб кетди. Уларнинг фарзандлари совет режимининг қурбони бўлиб, колхоз душманлари, собиқ қулоқлар, собиқ босмачилар, миллатчилар, халқ душманларининг боласи каби ҳақоратли номлар билан айбландилар.

Ушбу олиб борилган сиёсат биз учун нақадар оғриқли бўлмасин, уни таҳлил қилиб чиқадиган бўлсак, халқ барометри ҳисобланган тадбиркор-аждодларимиз бутунлай йўқ қилинишининг асосий сабаби – асрлар давомида шаклланган оилавий тадбиркорлик маданияти илдизига болта уриб, уни келажак авлодга қолдирмаслик ҳисобланган. Яратувчанлик, ислоҳотлар олиб бориш, чет эл билан иқтисодий алоқаларни Буюк Ипак йўли орқали амалга оширишни айнан қатағонга учраган юртдошларимиз амалга ошириб келганлар. Уларнинг халқпарвар ғоялари амалга ошишидан қўрққан мустабид тузум, аввало, мулкдор аждодларимизни йўқ қилиш сиёсати замирида шу мақсадлар ётган.

Тарихдан маълумки, бирор давлат ўзининг бошқа давлат устидан ҳукмронлигини ўрнатмоқчи, уни ўз мустамлакасига айлантирмоқчи бўлса, аввало, ушбу давлатнинг халқи орасида бой қатламга нисбатан нафрат қўзғатиб норозилик кайфиятини уйғотишга ҳаракат қилиб, ўзларини халқ орасида халоскор деб кўрсатадилар. Адашган халқ эса, ўз эркини ўз қўли билан ёвуз ниятдаги «ҳукмронига» топширади ва натижада унга қарам бўлиб қолади.

Тарихдан сабоқ чиқариб, ўз танлаган йўлимиздан қайтаришга ҳаракат қиладиган ёвуз ғояларга миллий ғоямиз орқали қарши туриш, мустақиллик даврида эришаётган ютуқларимизга кўз юмиб, фақат камчиликларимизни топишга ҳаракат қилаётган айрим чет эл оммавий ахборот воситаларининг халқ орасида парокандалик, норозилик, тушкунликка элтувчи ахборотларидан ўзимизни ҳимоя қилиш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, давлатимиз раҳбарияти томонидан тадбиркорлик ислоҳотларини мукаммал ўрганиб ҳаётимизга тадбиқ қилиш олдимизда турган устувор масала ҳисобланади. Собиқ иттифоқ даврида топталган тадбиркорлик маданиятимизни чуқур ўрганиш ва уни келажакка ишонч, миллий ифтихор ва қадрият, бағрикенглик каби фазилатлар орқали фаолиятимизда қўллаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз саналади. Фаровон юртда ҳар бир эришаётган ютуқларимизни кузатиб бораётган орзулари саробга айланиб, натижада қатағонга учраган аждодларимиз руҳлари шод бўлсин! Токи уларнинг эркинлик учун олиб борган курашларидан тўкилган қонлари биз учун сўнмас куч бўлиб, мустақиллигимизни асраб авайлаш авлоддан авлодга муқаддас мерос бўлиб қолсин!

 

ҒАРБ ВА ШАРҚ:

БИЗНЕСНИНГ РИВОЖИДА МОТИВАЦИЯ

Маълумки, ҳар бир ривожланган давлатларнинг ўзига хос тараққиёт дастури бўлиб, ушбу дастурлари орқали турли соҳаларда пешқадамлар қаторида бўлади. Лекин ўзига хос бўлгани билан иқтисодий соҳада умумий тамойилларга амал қиладилар. Уларнинг ривожланиш тарихини кузатадиган бўлсак, аввало, давлат томонидан тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи қонунлар ишлаб чиқилган. Ушбу қонунлар ривожланиш дастурини мустаҳкамловчи омил бўлиб, халқ манфаатини кўзлаб уни амалда қўллаш учун ҳар қайси соҳалар орқали одамлар онгига сингдирилади. Халқ қайси соҳага яқинроқ бўлса, ушбу соҳада қонуннинг ижросини таъминлаш ижобий натижа беради.

Энди Шарқ ва Ғарб давлатларининг кўзга ташланадиган фарқига эътибор қаратсак. Маълумки, Шарқ маданияти ва турмуш тарзи ижтимоий характерга асосланган бўлиб, кўпроқ ижобий натижаларни келтиради. Ғарб давлатларида эса асосан индивидуал яъни, бир шахс сифатида фаолият олиб боради. Эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлган мисолларимиз дунёнинг икки томонидаги компанияларнинг ўз ходимларига нисбатан муносабат ва уларга оид мотивацион усуллардан иборат.

Бозор иқтисодиётида мутахассисларнинг нафақат яхши ишга жойлашиш учун доимо курашади, балки компанияларнинг малакали ишчи кучи орқали ҳам рақобат олиб боради. Фирманинг малакали мутахассиси – унинг ривожланиш гарови бўлиб, бундай мутахассислар қанча кўп бўлса, хизмат кўрсатиш ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотлари шунчалик рақобатбардошлилиги билан ажралиб туради.

Ғарб мамлакатларининг фирмалари бундай курашга олдиндан тайёрланиб келиб, ҳозирги кунда ушбу муаммоларни ҳал этишда ходимларини ушлаб қолишнинг ўзларига хос сиёсатини амалга оширадилар. Бунда асосий мотивацион усул – пул билан мукофотлаш йўлини қўллайдилар. Фирманинг олдига қўйган мақсадларини сифатли амалга ошириш ва ходимларни ўз лавозимида барқарор ишлашини кўзлаб, ўз вазифасини юқори кўрсатгичлар билан бажарган ходимларга қўшимча ҳақ тўлайдилар. Бу усул Ғарбда «Pay for Performance», яъни маъноси «Бажарилган иш учун ҳақ» деб аталади. Шунингдек, Ғарб давлатларининг фирмаларида бир қанча меҳнат учун ҳақ тўлашнинг самарали усуллари қабул қилинган.

  1. Комиссион (воситачилик). Ходимнинг ҳар бир топган мижози билан амалга оширилган шартномадан ҳақ олиши. Бунда ўз даромадини янада ошириш мақсадида ходим янги мижозларни топишга уринади.
  2. Қўйилган аниқ масалани ҳал қилиш учун бериладиган пул мукофоти. Бундай тўлов усулини чет эл компанияларининг ярмидан кўпи амалга оширади. Ходимлар компания томонидан қўйилган масалани ҳал қилишда ўз тажрибалари орқали қатнашиб қўшимча даромад эгасига айланади. Бунда  масъулият ва билим даражалари инобатга олинади. Ходимлар ишига масъул менежернинг қўшимча даромадини аниқлашда сўровнома орқали, хусусий таълим муассасалари ўқитувчилари талабаларнинг эгаллаган бали ва тест синовларида олган баҳоларига қараб белгиланади.
  3. Шахсий тақдирлаш. Компания учун садоқати ва жонкуярлигини эътироф қилган ҳолатда айрим ходимларга бериладиган пул мукофоти ҳисобланади. Бундай ходимлар компаниянинг нуфузли  вакиллари саналади.

Юқоридаги усулларнинг ҳаммаси ходимларнинг иш фаолиятидан максимал фойда топиш бўлиб, фақат ривожланиш учун хизмат қилади. Шунингдек, ходимлар ўртасида мотивацияни вужудга келтиради. Баъзи компаниялар эса, малакали ходимларни ўз акционерлари қаторига киритади. Ходимлар акция эгасига айланиб, дивидендлар орқали фойда олади. Уларнинг даромади компаниянинг фойдасига пропорционал бўлиб, ўз даромад фоизларини олишади. Бу усул ҳам иш, ижод ва фаолликка нисбатан мотивацияни кучайтириш билан бирга ходимларни компаниянинг ривожига мустаҳкам жамоа бўлиб, фаолият олиб боришига ундайди.

Шарқ давлатларига назар ташлайдиган бўлсак, мотивация ва ходимларни бошқаришдаги ёндашув юқорида айтиб ўтганимиздек, умуман бошқача кўринишда бўлади. Бу менталитет, маънавий қадриятлар ва инсон руҳияти билан боғлиқдир.

Ривожланган Япония давлатини оладиган бўлсак, ходимлар ўз компанияларига содиқлиги билан ажралиб туради. Тажрибали мутахассисларни ёллашдан кўра, бу давлатдаги компаниялар ушбу мутахассисларни талабалик йилларидан бошлаб тайёрлайди. Натижада танланган ёшлар ўз келажагини ушбу компанияда кўриб, таълим олади. Компания эса, ушбу – келажакда ходим бўладиган – талабалар учун ўқиш пулини тўлаб боради. Европа давлатларида моддий рағбатлантириш йўли орқали ходимларга мотивация методлари амалга оширилса, Японияда мотивация усулларининг ҳаммасида ходимларнинг маънавий ва руҳий томонлари инобатга олинади. Ходим жамоаси олдидаги масъулияти ва ушбу жамоанинг бир қисми сифатида ўзини шакллантириб боради. Улар ҳаётининг охиригача ўз меҳнатларини компания ривожи учун сарф этишга тайёр бўлади. Компания уларнинг ҳаёт мазмунига айланади. Шу билан бирга компания ходимининг оила аъзоларига таълим олиш, даволаниш, саломатлигини тиклаш, тўй-маъракаларда учрайдиган муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериб боради.

Компания томонидан янги ходимга бошқарув ҳалқасидан устоз тайинланади. Устоз ушбу ходим тамомлаган олий таълим масканини тугатган бўлиши лозим. Шунингдек, устоз ходимнинг оиласи билан боғланиб, шогирди ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши, уни компания муҳитига мослаштириши, жамоага қўшиши, юзага келган можароларда уни ҳал этиши лозим. Устознинг шогирди ҳақидаги тавсияларига асосланиб компания ходимга тегишли лавозимни топширади. Унга зарур кўникмаларни ўргатиб, шогирди 35 ёшга тўлгунча устоз масъул бўлади. Шундан сўнг ходим мустақил фаолият олиб бориб, ўз устида ишлаб ўз лавозимини муайян (4 йил) йил давомида ошириб боради. Етук мутахассис даражасига кўтарилганда унга компания томонидан муҳим топшириқлар берилади.

Япон компанияларида бир қанча ўзига хос бошқарув услублари бошқалардан ажралиб туради:

  1. Бандлик кафолати ва дўстона муҳитни шакллантириш. Сизга маълум бўлдики, аксарият японлар бир компанияда бир умр ишлайдилар. Улардан кейин уларнинг авлодлари ушбу компанияда ишлашади. Бу авлоддан авлодга ўтиб боради. Уларнинг олдиларида аниқ иш жойи бўлиб, унга содиқ хизмат қилиб ҳаёт кечирадилар. Ишдан ҳайдалиш, янги иш топиш каби муаммолардан холи яшайдилар. Компания ходимлари бир оила каби дўстона муҳитни яратиб, ўз манфаатлари компания манфаатлари билан уйғунлашган бўлади. Иқтидорли ходимлар яратувчанлик ва ижодий фаолиятларини амалга ошириб, компания фаолиятини кенгайтириб борадилар.
  2. Ошкоралик ва корпорация қиймати. Ҳар бир ходим учун маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги компаниянинг мақсад ва вазифаларини белгилаб, ҳар бир ходим ўртасида жамоавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Ушбу маълумотлар билан танишган оддий ишчи томонидан ҳам қимматга эга ғоялар туғилиши мумкин бўлади.
  3. Бошқаришда маълумотларга ёндашув. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар тўплаш орқали компания ўз камчиликлари, маҳсулоти сифати ва унга жавобгарларни аниқлаб боради. Маълумотлар таҳлил қилиб масъул шахслар жавобгарликка тортилади.
  4. Ишлаб чиқаришдаги муҳитни назорат қилиш. Ишлаб чиқариш жараёни менежерлар томонидан доимий назорат қилиниши ва раҳбарларнинг ходимлар иш жойи билан танишиб бориши маҳсулотларнинг сифатли ва рақобатбардош бўлишини таъминлайди. Шунингдек, ходимларнинг саломатлигини сақлаш ва уларнинг кайфиятини ижобий бўлишига ёрдам беради.
  5. Жамоада ходимларнинг руҳиятига ижобий ёндошиш. Кўпгина компанияларда иш вақтида ёқимли мусиқа янграб туради. Иш бошлашдан олдин ишчилар мусиқа садолари остида бадантарбия билан шуғулланади. Бу ходимларнинг ҳаракатларини тезлаштириш ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш кўрсаткичининг юқори бўлишига хизмат қилади.

Шарқ маданиятидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, юқоридаги бошқарув услублари асосида инсонийлик, меҳр-муҳаббат, тартиб-интизом ва ижтимоий бошқарув ётади. Биз япон ходимларининг қанча фойда олишлари ҳақида тўхталмадик. Улар ушбу услубдан келиб чиқиб, мамлакат қисқа вақт ичида ривожланган давлатлар қаторига кирди. Мотивациянинг шарқ мамлакатларидаги ўрни асосан жамоавий характерга эга бўлган услубларида намоён бўлади.

Юқорида келтирилган мисолларимизда шарқ ва ғарб давлатларининг фарқи ҳақида тўхталиб ўтдик. Улар ХХ асрда асос солинган бўлиб, ҳозирги кунгача аксарият компаниялар томонидан тадбиқ қилиб келинмоқда. Ушбу услубларда мотивация инсоннинг бошқалар томонидан кучини оширувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мотивациясини ўрганиб келаётган олимларнинг таъкидлашларича, ХХI асрга келиб мотивация иккинчи кўриниши яъни, инсоннинг нимадандир илҳомланиб, ўз мақсад сари фаолият олиб бориши маълумотлар алмашуви юқори ва ахборот технологиялар ривожланиб бораётган бир даврда самаралироқ натижага эришишга хизмат қилаётган экан. Дарҳақиқат, бозор иқтисодиётида ишлаб чиқарилаётган ёки хизмат кўрсатаётган фирмаларнинг менежер ва маркетологлари қанчалик талаб ва таклифни ўрганишларидан келиб чиқиб барқарор ривожланишга эришмоқдалар. Маҳсулот ва хизмат кўрсатишдаги янгиликлар ахборот технологияларнинг ривожидан келиб чиқиб, фойдаланувчиларга турли воситалар орқали тез фурсатда етиб бормоқда. Шунинг учун, рақобатбардош маҳсулот ёки хизматларни кўрсатишда бевосита ушбу жараёнга алоқадор ходимларнинг ижодий ёндашувларига ҳам эътиборни давр тақозо этмоқда.

 Ўзбекистон халқи учун тарихимиз, аждодларимиздан қолган маънавий бойлик, қадриятларимиз ва ноёб фазилатларимизни мукаммал ўрганиб ривожланишимизга хизмат қиладиган амалларни бажаришимиз бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб, ҳар бир ватандошимизнинг бурчи ҳисобланади. Ривожланган давлатларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўзига хос маданият ва қадрият асосида ривожланиш дастурини тузиб, ҳозирги даражага етиб келган. Халқимизнинг ноёб фазилатлари, бошқалар ҳавас билан қарайдиган маҳалла институтини ривожлантириш, иқтидорли касб эгаларини рўёбга чиқариш, эгаллаган билимларини амалда синашда имкон бериш ва ҳар бир тадбиркорларимизнинг фаолиятида амалга ошираётган эзгу ишларни янада кенгайтириш мақсадида мотивацион услубларни амалга ошириш орқали юртимизни янада ривожлантиришга эришамиз.

 

 

БОЙ ОИЛАЛАРДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИНИНГ СИРИ

Ушбу мавзуни ёритиш мақсадида тарихимизда ўтган бадавлат аждодларимизнинг тарбиявий улублари, дунёнинг турли хил иқтисодий тармоқларини бошқарган зодагон оилаларнинг фарзанд тарбияси ва қадимий шарқ халқларининг таълим-тарбияга оид сирлари ҳақида изланиш олиб бордик. Натижалардан келиб чиқиб, ҳозирги кунда қайсидир лавозим эгаси бўлиб, фарзандини ҳеч нарсага зориқтирмасдан уни мактабга қатнаши учун ҳайдовчи ёллайдиган, яхши кийинтирадиган, овқатланиши учун етарли маблағ бераётган, сўнгги моделдаги технологияларни сотиб олиб бераётган, мактабни битиргач, олий ўқув юртининг контракт пулини тўлайдиган, туғилган куни муносабати билан енгил автомашина олиб берадиган, диплом эгаси бўлгач, яхши ишга жойлаштирадиган, уйлантирадиган, умуман олганда, фарзанди учун ҳар қанча пул сарфлаётган бой ота-оналар тарбияси ҳақида умуман гапирмасликка қарор қилдик. Чунки аксарият ҳолларда ўз фарзанди сўраган нарсани муҳайё қилган оила уни бахтсизлик томон етаклаб борар экан. Қуйида бунинг сабабларидан ўзингиз хабардор бўлинг.

  • Бундай фарзандлар гиёҳванд моддалар билан шуғулланадиган жиноятчиларнинг ўлжасига айланиш эҳтимоли катталиги;
  • Сўраган нарсалари муҳайё бўлган ёшлар ҳаётда қийинчиликка дуч келса, уни енгиб ўтишни имконсиз деб билиши;
  • Мактабга қатнаши учун ҳайдовчи ёллаганда, яхши кийинтирганда ва овқатланиши учун етарли маблағ бераётган вақтда оддий оила фарзанди ва унинг ота-онаси нафсониятига салбий таъсир кўрсатиши;
  • Сўнгги моделдаги технологияларни сотиб олиб берилса, турли хил салбий характерга эга беҳаё, шафқатсиз ва маънавиятимизга ёт ғоялар гирдобига кириши;
  • Олий ўқув юртининг контракт пулини тўлаганда пул топиш машаққатини билмасдан билим олишга иштиёқи камайиши;
  • Енгил автомашина сотиб олиб берилганда, унинг тезлигини ошириш натижасида бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлиши;
  • Яхши ишга жойлаштирганда ўз кучи билан иш топган ҳамкасблари олдида унга бўлган муносабат ўзгариши;
  • Ҳаётга енгил қараши, ўзини тунги клубларга бахшида қилиши;
  • Ўзи топмаган пул эвазига уйланиб, жамиятнинг бир бўлаги муқаддас оила деб аталувчи даргоҳга нисбатан муносабат ва масъулиятнинг етарли эмаслиги.

Дарҳақиқат, келтирилган маълумотларни фарзандининг бахтсиз бўлиши учун етарли сабаб деб билсак бўлади.

Энди мавзунинг асосий қисмига қайтадиган бўлсак, бой оилалардаги фарзанд тарбиясининг сирини билишдан мақсад нима?

Мотивациянинг инсон ҳаётидаги роли тарбия каби аввало оиладан бошланади, умумий олиб қаралганда ҳар бир оиланинг фарзанд тарбияси ўзига хос бўлиши табиий. Лекин нима сабабдан баъзи бир оила фарзандлари ҳамма одамлар яшаб келаётган шаҳар ёки қишлоқда истиқомат қилиб, оддий таълимни ўрта мактабда ҳамма қатори ўқиб ўрганиб, келажакда эса, муваффақиятли тадбиркорлар қаторидан жой олиши ҳақида ўйласак, бу мавзунинг нақадар долзарб эканлигини тушунишимиз мумкин. Мақсадимиз фарзандларимиз тарбиясида келажакда халқ учун фойда берадиган баъзи бир маълумотларни ўрганишдан иборат. Ушбу маълумотдаги амалий ишлар халқ орасида қанчалик кенг тарқалса, жамиятимиз ўта бойлар ва ўта камбағалларга бўлинмасдан, кескин табақаланишнинг олдини олиб, ижтимоий барқарорликни таъминлаган бўлар эдик.

Тарихдан маълумки, аждодларимиз орасида буюк ишбилармон ва тадбиркор оилалар ўтган. Ҳозирги кунда бой оилаларнинг фарзанд тарбиясининг илдизи айнан тарихий меросга таянгани билан ҳам кўп ижобий натижалар бериб келмоқда, Уларнинг фарзанд тарбиясида олиб борган амалий ишлари босқичма-босқич даврларга бўлиб таҳлил қилсак.

  • Подшоҳлик даври

Фарзанднинг 4 ёшгача бўлган йилларини ушбу давр ўз ичига олади. Тиббий тадқиқотлар шуни маълум қиладики, боланинг танасида руҳий ва ҳиссиётга боғлиқ (асаб, мия фаолияти, кўриш ва эшитиш қобилияти, сезги, нутқ ривожи ва бошқалар) органларининг айнан 4 ёшгача асосий қисми ривожланар экан. Аждодларимиз ушбу даврда фарзандларини мажозий маънода подшоҳга тенглаштириб, унга эҳтиёткорлик билан муомалада бўлишган. Агар бундай даврда болага нисбатан қўпол муносабат қилинса, унинг қайсидир аъзосига салбий таъсир ўтказиши ва нуқсон ёки ногирон бўлиб қолиши мумкин экан. Бунга чақалоқлигида нимадандир қўрқиб, натижада нутқи ривожланмаганларни мисол ўрнида келтиришимиз мумкин.

Боланинг ушбу даврда шўхлик қилиши, ҳар хил нарсага қизиқиши ортиши, беҳад кўп саволлар бериши ҳаммамизга маълум. Ота-она фарзандининг ҳар бир берган саволларига подшоҳга қандай рост ва аниқ жавоб қайтариши лозим бўлса шундай жавоб бериши талаб этилади. Чунки бу жавоблар орқали у бу дунёнинг инъикосини ўзида шакллантиради. Айнан ушбу даврда унга энг керакли маълумотлар бериб борилади. Бу давр инсоннинг ривожланиш босқичида худди бинонинг пойдевори каби хизмат қилади. Оналар бунда ўзининг аллалари орқали боланинг асаб тизими ривожига хизмат қилса, оталар ҳикматли ҳикоя ва эртаклари ёрдамида боланинг ҳаётда қандай инсон бўлиб улғайишига сабабчи бўладилар. Эҳтиёткорлик билан муомала қилиш билан бир вақтда боланинг хатти-ҳаракатларида содир бўладиган чақалоқларга хос йиқилиш ёки бирор юмушни мустақил амалга оширишида унинг оила аъзолари четдан туриб кузатишлари керак бўлади. Бола эса, йиқилишлардан хулоса чиқариб кейинчалик йиқилмасликка ҳаракат қилиши, эплолмаётган ишини охиригача ўзи қилишга интилиш истаги пайдо бўлиши шаклланиб боради.

  •  Хизматкорлик даври

Бу тўрт ёшдан то вояга етгунча бўлган даврни ўз ичига олади. Унутманг! Фарзандларда физиологик ўзгариш, ўғил болаларда овоз пардаларининг йўғонлашиши (мутацион даври), мўйловларнинг сабза уриши, қизларда эса, иккаламчи жинсий органларнинг ривожланиши вояга етганлигидан далолат беради.

Фарзандлар бу даврда катталарга ҳурмат, уй ишларига бўлган муҳаббат, яқинларининг топшириқларига бўйсуниш, қийинчиликларни енгиб ўтиш, вақтдан унумли фойдаланиш, ҳунар ўрганиш, билим олиш каби қатор фазилатларни ўзида шакллантириб олади. Бола тарбиясига нафақат ота-она балки, яқин инсонлари ва қўшнилари ҳам ўз хизматлари билан иштирок этади. Ушбу даврда фарзанднинг подшоҳлик даврида шаклланган онги ташқи омиллар асосида ривожланади ва келажакда қандай инсон бўлиб вояга етишини белгилаб боради. Шунинг учун айрим ота-оналар ўз фарзандини қанчалик севмасин уни керакли машғулотлар билан банд қилиб, бўш вақтга имкон қолдирмайди. Фарзанднинг атроф-муҳитга  нисбатан муносабатларига аллоҳида ёндашиб, табиат, ҳайвонот олами ва деҳқончиликда учрайдиган оғир меҳнатларга жалб қилади. Бунда ота-она қаттиққўллик билан назорат қилса, боладан бўйсуниш талаб қилинади. Ушбу ишларни бажаришда бўйсунган болагина келажакда ўз ғояларини қандай қилиб амалга оширишни ўрганиб, ўз ходимларини ишлата олади. Бу даврнинг асосий қисмини ўрта мактабда таълим олиш ўз ичига олади. Шунинг учун мактабдаги тарбияси, мактабдан кейинги вақти, бирга юрадиган дўстларига алоҳида эътибор қаратилади. Тўплаган маълумотларимиздан келиб чиқиб шуни айтишимиз мумкинки, боланинг маҳалладаги ўрни, «Устоз ва шогирд» анъанасининг давоми ушбу даврда шаклланар экан, тарбиянинг асоси боланинг яқинларига фарзандлик масъулиятини шакллантиришдан иборат. 

  • Дўстлик даври

Фарзанд яхши ва ёмоннинг фарқига борадиган бўлиб вояга етганда бу давр бошланиши ҳисобланади. Олдинги икки даврда тарбияланган боланинг аввало оила ва яқинлариган нисбатан меҳри ошиб, ҳар қандай масъулиятни зиммасига олиш каби характерлари яққол намоён бўлади. Нафақат меҳр-мурувватда балки муносабатда ҳам ҳамма билан дўстона суҳбатлаша бошлайди. Яқинлари билан келажакда қилиниши керак бўлган вазифаларни орттирган тажрибалари асосида амалга оширади. Фарзанд учун пул топиш имкони берилади. Бунда унинг орзуларини аниқлашга, мақсадларини амалга ошириш учун режалар тузиш ва ўз фаолиятини мувофиқлаштиришга имкон қадар маънавий рағбат берилади. Ҳар бир амалга оширилаётган вазифаларнинг ижобий томонини кўпайтириш учун маслаҳатлашиб турилади. Фаолиятининг натижасини фақат ўз имкониятига топширилади. Бу даврда аксарият оилаларда кузатиладиган камчиликлардан бири деб, ўзаро тушунмовчилик юзага келиши айтилади. Шундай ҳолатларда фарзанднинг асл мақсадини тушуниш учун ота-она керак бўлса, у яшаётган даврнинг талаб ва таклифларини ўрганиши лозим.

Ташкилотимизга информацион технологиялар йўналишини тамомлаган ёшлардан бири мурожаат қилиб, ўз тажрибалари ёрдамида интернетда онлайн сотувларни ташкиллаштиришга асосланган сайтни яратгани ва ушбу фаолиятини тиббий малакага эга зиёли ота-онасига тушинтиришга қийналаётганини маълум қилди. Биз ушбу соҳада муваффақиятга эришган дунёнинг кўплаб давлатларида ривожланган баъзи компанияларнинг фаолияти ҳақида маълумот бериб, яқинларига уни яқиндан таништиришни сўрадик. Натижада маълумотни берган кунимиздаёқ нафақат улар бу фаолиятнинг асл моҳиятини тушунибгина қолмай, балки, ўз фикрлари балан фарзандлари яратган сайтнинг янада долзарблигига хизмат қиладиган маслаҳатлар беришганидан хабардор бўлдик.

Юқорида келтирилган маълумотлар асосида Сизларга мавзуни умумий ёритишга ҳаракат қилдик. Мақсадимиз – фарзанд тарбиясида ушбу маълумотлардан фойдаланиб, ўз ҳаётингизни мазмунли қуришингиз тарафдоримиз.  

 

МОТИВАЦИЯГА ОИД АФОРИЗМЛАР

 

Муаммолар сизни ортга тортса, орзулар эса олға етаклаши керак. Дуглас Эверетт

***

Сиз мукаммал даражада билганингиздан ортиғини бажаришга интилмас экансиз ўсмайсиз. Ральф Эмерсон

***

Биз учун ҳеч қандай чегаралар бўлмаслиги керак. Ричард Бах

***

Нимагадир эришган ва ҳеч нимага эришмаганнинг фарқи ким биринчи старт олганидан келиб чиқиб аниқланади. Чарльз Шваб

***

Сизни фақат юқорига тортадиган инсонлар билан бирга бўлинг. Чунки ҳаёт сизни пастга тортувчилар билан тўлиб тошган. Джордж Клуни

***

Қандай бўлсангиз шундай қолишга ўрганинг ва сиз ҳеч қачон тақдир қўлидаги ўйинчоққа айланмайсиз. Парацельс

***

Биринчидан, бирор сабаб ва мақсадсиз ҳеч нима қилманг. Иккинчидан, жамиятга фойдаси тегмайдиган ҳеч нарса қилманг. Марк Аврелий

***

Билим етарли эмас, уларни қўллашингиз керак. Хоҳиш етарли эмас, сиз бажаришингиз керак. Брюс Ли

***

Олаётган нарсангиз ёқмаётган бўлса, бераётган нарсангизни ўзгартиринг. Карлос Кастанеда

***

Ҳамма ғалаба ўз устингиздан қилган ғалабадан бошланади. Леонид Леонов

***

Ўзингизни бошқалар билан таққосламаслигингиз керак. Табиат сизни кўршапалак қилиб яратган бўлса, туяқуш бўлишга ҳаракат қилмаслигингиз керак. Герман Гессе

***

Ҳаётдан қўрқманг. Ҳаётда яшашга  ишонинг ва ишончингизга яраша берилади. Уильям Джеймс

***

Сизни муаммога олиб келган муносабат ва фикрни йўқотмас экансиз,  муаммони ҳал қила олмайсиз. Альберт Энштейн

***

Ўзингизга ишончингиз бўлмаса ҳеч қачон бирор нарсага эриша олмайсиз. Ахир ўз-ўзингизга  ишонмасангиз, унда ким сизга ишонади?

***

Биз ўз одатларимизнинг қулимиз. Одатларингизни ўзгартиринг, шунда ҳаётингиз ҳам ўзгаради. Роберт Кийосаки

***

Сизда омадсизликлар бўлади. Сизда жароҳатлар бўлади. Сиз хато қиласиз. Сизда тушкунлик ва пушаймонлик даври бўлади. Оила, ўқиш, иш, рўзғор муаммолари– буларнинг бари амалиёт йўлида бир эмас, ҳали кўп марта халақит қилади. Лекин ичингиздаги компаснинг йўналиши доим бир хил мақсадга қаратилган бўлиши керак. Стюарт Мак Роберт

***

Бахтли бўлиш санъати оддий нарсаларда бахтни топа олиш қобилиятидадир. Генри Уорд Бичер

***

Ҳар сафар сизни ҳақорат қилишганида ёки юзингизга туфлашганида тўхтайверсангиз, керакли манзилга ҳеч қачон етиб бора олмайсиз. Тибор Фишер

***

Қийинчиликларга дуч келганда, таслим бўлиб, қочиш мумкин эмас. Сиз ҳолатни баҳолай олишингиз, ечимини қидиришингиз ва нима бўлганда ҳам яхшиликка эканлигига ишонишингиз лозим. Сабр – ғалабанинг калити. Ник Вуйчич

***

Пайдо бўлган истак ортга сурилмасдан ўша заҳоти амалга оширилиши керак. Бўлмаса истак йўқолади. Хоҳладинг - бажардинг, чўзиб нима қиласиз, ҳаёт қисқа. Шу ерда ва ҳозироқ! Михаил Веллер

***

Хоҳлаш ва кутиш – булар билан узоққа бора олмайсиз. Туринг ва орзуингиз ортидан юра бошланг. Джаред Лето

***

Пойгада иштирок этмагунингизча сиз на юта оласиз ва на ютқаза оласиз. Дэвид Боуи

***

Нима ўйлаб топган бўлишингиздан қатъи назар, кимдир бу ишни сиздан олдин бажариб кетган. Шунинг учун асосийси – яхшироқ бажаришдир. Адриано Челентано

***

Ухланг. Орзу қилинг. Уйғонинг. Бажаринг. Ўйлаб топинг. Курашинг. Ғалаба қозонинг. Ухланг. Орзу қилинг. Джаред Лето

***

Кимлигингизни билмоқчимисиз? Сўраб ўтирманг. Ҳаракат қилинг! Ҳаракат сизни ифодалайди ва кимлигингизни кўрсатади. Томас Джефферсон

***

Узоқ умр кўришни истасангиз, еб-ичишни қисқартиринг. Бенджамин Франклин

***

Мен шуни хоҳлайман. Демак, бу бўлади. Генри Форд

***

Мантиқ сизни А нуқтадан Б нуқтага олиб бориши мумкин, тасаввур эса хоҳлаган жойингизга олиб бориб қўяди. Альберт Эйнштейн

***

Асосийси – бор кучингизни танлаган ишингизга сарфланг ва сиз ҳақингизда дув-дув гап бўлади. Зеро, мукаммаллик - камдан-кам учрайди. Андре Моруа

***

Шундай орзу қилингки, гўё абадий яшайсиз. Шундай яшангки, гўёки бугун ўласиз. Джеймс Дин

***

Тақдиримизни бир кун ичида 100 марталаб қабул қиладиган сезилмайдиган майда қарорларимиз шакллантиради. Энтони Роббинс

***

Омадсизлик – бошидан бошлаш учун берилган имкониятдир. Фақат бу сафар ақллироқсиз. Генри Форд

***

Ғоясиз ҳеч қандай буюк иш рўёбга чиқмайди! Ҳеч бир ажойибот буюкликсиз бўлмайди. Гюстав Флобер

***

Ҳар бир орзуга қўшиб уни амалга ошириш учун кучлар берилади. Ричард Бах

***

Ҳаёт бу катта коғоз ва сиз унга қўлингиздан келганча бор бўёқни беришингиз зарур. Дэнни Кэй

***

Мингга етиб бориш биргина кичкина қадамни қўйишдан бошланади. Лао Цзы