«ҚАДАМЛАР ЛОЙИҲАСИ»
Яқинда ELMADAD ташкилоти томонидан ишлаб чиқарилган «Қадамлар лойиҳаси» китоб ҳолида чоп этилди.
Мазкур китоб ELMADAD фаолияти доирасидаги лойиҳалар ҳамда ташкилотга мурожаат қилаётган фуқароларнинг муаммолари, тадбиркорликка оид долзарб масалалар мажмуини қамраб олган. Шунингдек, турли соҳадаги ютуқ ва камчиликлар асосида тайёрланган.
«Қадамлар лойиҳаси»даги ҳар бир «Қадам»да ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётимиздаги муаммолар руйи-рост очиб берилиб, унинг ечими борасида таклифлар, чора-тадбирлар ўз ифодасини топган.
Китоб 135 та «Қадам»дан иборат бўлиб, «Манзил» билан хулоса ясалади. Ҳар бир қадамда Сиз ўзлигингизни ўзгартиришга рағбат сезасиз. Ҳеч қачон «таслим бўлмасликка ҳаракат қиласиз, бошқалар учун энг аввало, ўзингиз учун қандай истеъдодли эканлигингизни исботлайсиз!»
«УЗОҚДАГИ ҚАРИНДОШДАН, ЯҚИНДАГИ ҚЎШНИ ЯХШИ»
Ушбу ҳикматли сўздан келиб чиқилса, ҳозирги кунда чет элда яшаб юрган айрим танишларимизнинг туриш-турмушини тасаввур этиш қийин эмас. Зеро, бугун “одам савдоси” деган иллатнинг инсоният бошига келтираётган кулфатлари ҳақида ҳатто мактаб ўқувчиси ҳам муайян тасаввурга эга. Бироқ, ҳамон айримлар ё билиб, ё билмай қимматли ҳаётини бу “ғирром ўйин”да гаровга қўяётгани ачинарли. Ўз тақдиримизга, аввало, ўзимиз масъулмиз. Демак, фириблар қурбони бўлиб, сўнг аттанг қилмаслик учун ён-атрофга теран кўз билан қараб, ҳаётда тўғри йўлни ўзимиз танлай билмоғимиз лозим.
Тўғри, ҳар бир яхши ниятли инсон меҳнат қилиб фаровон ҳаёт кечирсам, дейди. Бу мақсадга етишнинг йўллари беҳисоб. Қайси йўлни танлаш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Лекин, бу истак инсонни зинҳор хўрлик ва зорликка маҳкум қилмаслиги керак. Буюк аждодимиз Заҳириддин Бобур ҳам: “Ўзга элда шоҳ бўлгандан, ўз юртингда гадо бўлган афзал” деб, кўзларига бежиз ёш олмаган эдилар.
«Қадамлар лойиҳаси»ни варақлар экансиз, ўз юртимизда ишлаб юрган ҳамюртларимизнинг ишидаги барака албатта яхши эканлигига яна бир бор амин бўласиз, лойиҳада келтирилган фикрларни ич-ичдан қўллаб-қувватлайсиз.
МЎМАЙ ДАРОМАД ВА… ПУЧ ВАЪДАЛАР
Бугун дунёда мамлакатлараро миграция жараёнлари сезиларли равишда фаоллашган. Табиийки, республикамиз ҳам бу жараёнда фуқароларимизнинг манфаатлари, хусусан, ижтимоий-иқтисодий, тиббий жиҳатдан муҳофаза қилиш мақсадида хорижий давлатлар билан ўзаро ишчи кучи алмашиш ҳақида битимлар имзоламоқда. Аммо...
Ҳамон жойларда одам савдоси қурбонлари кўпайиб бораётганлиги кишини ташвишга солади. Оддийгина алдов, мўмай даромад ҳақидаги пуч ваъдалар ёки арзимас қийинчиликни деб хориждан иш қидириш оқибати нималар билан тугаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.
ФИКР
Пул ҳамма нарсани амалга ошира олади, деб ўйлаган одам пул учун ҳар нарсани қилаверади.
Бенжамин Франклин
“ХЎРЛАНГАНЛАР ВА ҲАҚОРАТЛАНГАНЛАР”
“Биз бошқа мамлакатга борганимиздан сўнг, алданганимизни билиб қолдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...”
Бу гаплар бир ўзбек аёлига тегишли. У мўмай даромад топиш илинжида юрган кезлари «ишбилармонлар» қўлига тушиб қолади. Аёлнинг истакларидан воқиф бўлган фирибгарлар уни алдаб, хориждаги ҳамкорлари – қўшмачилар қўлига топширишади. Албатта, бекордан-бекорга эмас, маълум манфаат эвазига. Манфаат деб энг манфур ишлардан ҳам қайтмайдиганларда эса на ор-номус ва на виждон бўлади. Бу ҳамма замонларда исботланган.
ҚАЙД ОСТИДАГИ ҚУРБОНЛАР
Маълумотларга кўра, инсоният тараққиётининг қулдорлик расман ҳукм сурган тўрт асрида қуллар сони 12 миллионга яқин бўлган.
Кейинги ўттиз йил ичида фақат Осиёда жинсий қулликка маҳкум этилган аёллар ва болалар (расмий ҳисоб-китобларда 18 ёшга етмаган қурбонлар ҳам болалар сафига киритилади) 30 миллиондан ошган.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Қочоқлар бўйича халқаро ташкилотлар экспертларининг хулосасига кўра, дунё бўйлаб кенг қамровли тарғибот-ташвиқотлар олиб борилишига қарамай, сўнгги йилларда бу хилдаги жиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги, учинчи ўринни эгаллайди.
БМТнинг таҳлилий маълумотларига кўра, дунё миқёсида ҳар йили 2 миллион 800 минг нафардан ортиқ киши одам савдоси қурбонига айланади. Ундан тушаётган йиллик даромад эса 10 миллиард АҚШ долларидан ошади.
Афсуски, бу муаммо нафақат ёш, балки энди ривожланаётган мамлакатлар билан бирга AҚШ, Европа каби ҳудудларда ҳам илдиз отган. Хусусан, Непал, Судан, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Габон, Гаити, Мъянма каби давлатларда бу борада вазият жуда ёмон эканлиги қайд этилмоқда. Жанубий Осиёнинг айрим давлатларида эса қарз эвазига одамларни қулга айлантириш ва мажбурий ишлатиш каби ибтидоий одатлар ҳалигача амалда. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири, одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир.
“СИНАЛМАГАН ОТНИНГ СИРТИДАН ЎТМАНГ”
Мақсад тўғри бўлса, манзил узоқ чўзилмайди.
Илмий статистика асосчиларидан бири, бельгиялик социолог ва криминолог Кетленинг фикрича, жиноят содир этишга мойиллик одамнинг ёши, жинси, касби, маълумоти, даражаси, йил мавсуми ва бошқаларга боғлиқ. Ҳар қандай ҳолатда алданиб қолмаслик учун биринчидан, биз муносабатга киришмоқчи бўлган ҳамма нарсани яхши ўрганишимиз зарур.
Етарлича билим ва кўникмага эга бўлмай туриб, хорижга бориб пул топиш ёки бизнес соҳасида кўзланган натижага эришиб бўлмайди.
Бу борада Сиз учун натижаларга эришиш йўллари, фикрлар, маслаҳатлар нафақат «Қадамлар лойиҳаси»да, балки ELMADADнинг барча лойиҳаларида ҳам ўз ифодасини топган.
УЛҒАЙМАГАН “БОЛАЛАР”
Кўпчилик балоғат ёшидан ўтган йигит-қизлар ота-онасининг кўмагисиз ҳеч нарса қила олишмайди, мустақил тарзда иш юритиш қўлларидан келмайди ёки тўғрироғи, ўзлари буни хоҳлашмайди. Бу албатта, ҳали ҳам ўз йўлини топишга қийналаётган, бирор бир касб-корнинг этагидан тутмаган боқиманда ёшларга қарата айтилаётган аччиқ, лекин, ҳақ гаплар.
Аввало, бу билан кимнингдир оғриган ерини тирнаган бўлсак, минг бор узр. Лекин бугун айрим ёшларимиз аллақачон бировнинг кўмагисиз ҳам мустақил иш қила оладиган ёшга етган бўлсада, фақат ота-онасининг қўлига қараб қолиши яқинлашиб келаётган мағлубиятларидан дарак бермайдими?
ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАР
Баъзида ҳаётда, ёнгинамизда ногиронларнинг ишлаб, жон койитиб юрганларини эшитиб, кўриб ҳайрон қоламиз. Яқинларимга малол келмайин, деб ҳаракат қилаётган шу яримжон хаста вужуднинг ҳам ўз тирикчилиги учун ҳаракати, интилиши бор.
Мўйсафид отахонларимиздан бири шундай хотирлайди: “Мен ҳозирги ёшларни ўзимнинг ёшлигим билан солиштириб ўртада жуда катта фарқни билдим. Уларнинг олдида биз анча ночор эканмиз. Ҳозир ишлаб, пул топаман деган одам учун жуда яхши шароитлар яратилган. Тил биладиган, компьютер техникасини биладиган ёшларимиз кўп. Жилла қурса, ўқишдан сўнг газета, китоб тарқатиб кун ўтказса ҳам бўлади. Тўғри, ёшларимиз орасида доим ота-онасини ташвишга қўядиган, дангасалари ҳам бор. Лекин, ўз иқтидорлари билан улкан ютуқларга эришаётган ёшларимизнинг хизматларидан ҳам кўз юммаслигимиз керак.”
МЕҲНАТ – ТАГИ РОҲАТ
Ота-боболаримиз эндигина улғайиб келаётган ёш фарзандларига ҳам ҳунар ўргатиб қўйиш пайида бўлганлар. Ахир ёшликдан ўрганилган ҳар қандай ишнинг тошга битилгандек бўлиб қолиши бежиз эмас. Қолаверса, йигит кишига қирқ ҳунар ҳам озлигини биздан илгари ўтганлар исботлаганлар. Бирор-бир касбни пухта эгаллаб, шунинг ортидан рўзғорни тебратиш ҳам тўла маънода тадбиркорлик саналади.
Шу боис, қадимдан ота-она ва фарзандлар ўзаро оилавий тадбиркорликни ривожлантириб, бунинг натижасида, ҳам маънавий, ҳам моддий манфаатлар уйғунлигида яшашган. Демак, асрлар давомида шаклланиб келган бу анъананинг бугунги кунимизда ҳам қанчалик самарали эканлигини уни ўз ҳаёт тарзига айлантираётганлар жуда яхши билишади.
Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганларидек, бу соҳада ўз салоҳиятини намоён этиб, элимиз, қолаверса, ўз оиласи дастурхонининг тўкин-сочин бўлиши учун оламшумул ишларни амалга ошираётган юртдошларимиз кўп. Қараб туриб, уларга ҳар жиҳатдан ҳавас қиласиз. Баъзилар эса, мен ҳам шундай бўлармикинман-а, деб қўйишади. Албатта. Аввало, ният ва ҳавас билан мурод сари бир қадам ташлайсиз. Қолгани ўз-ўзидан... Тўғри, жуда-а ўз-ўзидан эмас-ку, буёғи ҳаракатингизга ҳам боғлиқ. Ахир, ишлаган тишлайди, дейишади. Қолаверса, бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик қилиш учун барча имкониятлар яратиб берилган.
БИЗНЕС ОИЛАНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ
Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётганларнинг аксарияти, бундай бизнес оилани мустаҳкамлаш ва турмушда учрайдиган турли муаммоларни оқилона ҳал этиш имкониятларини кенгайтиришини таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрига кўра, оилавий бизнеснинг муваффақияти уюшганликда, яъни ҳамманинг бир-бирига ёрдам бериши, жамоа манфаатларини биргаликда ҳимоя қилиши ва оила иноқлигидадир.
БОЛАЛАРНИ МЕҲНАТГА ЎРГАТИНГ
Тадбиркорликнинг ривожланиши фарзанд тарбиясига ҳам ижобий таъсир этади. Чунки фарзандлар ота-оналарига ёрдам берар экан, ёш пайтиданоқ, меҳнатнинг қадрига етадилар.
«Қадамлар лойиҳаси» ҳам меҳнат ҳар инсонни улуғлаши, яхши яшайман, деган инсон эса бунга фақат ўз меҳнати билан эришиши ҳақида сўз юритади.
КИТОБНИ БЕПУЛ ОЛИШИНГИЗ МУМКИН
ELMADAD лойиҳаларидан фойдаланиб, ўз ҳаётини ижобий томонга ўзгартирганлар учун мазкур китоб бепул тақдим этилади. Бунинг учун ўзингиздаги ҳаётий ўзгаришларни батафсил баён қилишингиз лозим. Муносиблар эса саралаб олинади.
Боғланиш учун қуйидаги ҳаволага (https://elmadad.uz/#contact) мурожаат қилингиз мумкин.
Шунингдек, Telegram расмий каналидаги https://t.me/elmadad«Қадамлар» лойиҳасига таклиф қиламиз. Марҳамат ўзингизни ўзгартирувчи қадамлар билан танишинг!
ХУЛОСА ЎРНИДА
Инсон ҳаёти давомида бир қанча босқичларни яшаб ўтади. Айрим ҳолларда қанчалик тўғри ва яхши яшашга ҳаракат қилмасин, ўз ички дунёси билан тинимсиз курашлар, эҳтирослар, васвасалар, нафсга қулоқ солиш каби салбий ҳолатлар инсоннинг оқибатини, келажагини белгилаб беради. Бу каби синовлардан аксарият ҳолларда заковати, ишончини йўқотмаганларгина ўзига бирор зарар бермасдан ўта олиши мумкин. Ахир, дунёни фақат яхшиликлар қутқаради. Бу азалий ҳақиқат.
Яратган бизга инъом этган ҳар бир кунда, дақиқада, сонияда инсон босиб ўтган ва босаётган қадамларининг оқибатини таҳлил қилиши, бу жараёнда келажакда содир бўлиши муқаррар бўлган ҳолатларни олдиндан кўз олдига келтириши мумкин. Шу билан ўзлигини ўзгартирувчи қадамларни ўрганади. Асосийси, шундай қадамларга рағбат сезади. Машойихлардан бири, дунёни ўзгартиришни истаган одам ўзгаришни аввало ўзидан бошламоғи лозим, деб бежиз айтмаганди. Бу ўзгариш ҳам фақат яхшилик учун бўлсин.
«Қадамлар лойиҳаси» ҳам ана шундай яхшиликка хизмат қилиши шубҳасиз.